“Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида Наманган вилоятида ўтказилган саломатлик акцияси доирасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди.
Мамлакатнинг тиббиёт соҳасидаги энг малакали мутахассислари ҳар бир туманда маҳаллабай тартибда уйма-уй юриб, тиббий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларига жойида малакали тиббий хизмат кўрсатишди ҳамда беморларнинг ҳолатига, касаллик даражасига қараб, тегишли муолажаларни амалга оширишди.
Акция доирасида 3 нафар беморда ноёб буйрак трансплантацияси амалиётлари ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Бир ҳафта олдин Тўрақўрғон туманида яшовчи 53 ёшли Валижон Исмоиловда буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказилди. 26 ёшли Одилжон Исмоилов отасига донорлик қилган.
Жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиққан ота-бола Исмоиловлар куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан ўз уйига йўл олди.
— Жарроҳлик амалиётига бир ҳафта бўлди. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Буйрак кўчириб ўтказилиши ҳақида ўйлаганимизда жуда хавотирга тушган эдик. Аммо биз ўйлаганимиздан енгил ўтди операция. Биз учун куйиниб, саломатлигимизни тиклашга ёрдам берган, бошимизда парвона бўлган, хонадонимизгача бориб ҳолимиздан хабар олган фидойи инсонларга миннатдорчилигимни билдираман, — дейди Валижон Исмоилов.
Шунингдек, буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилиши керак бўлган иккинчи бемор Мастура Файзиевада ҳам операция муваффақиятли ўтган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.