“Тез ёрдам” хизмати — тиббиётнинг энг муҳим бўғини. Айниқса, мураккаб пандемия шароитида, хусусан, коронавируснинг “омикрон” штамми кенг тарқалган 2022 йилнинг дастлабки ойларида бу янада яққол намоён бўлди. “Тез ёрдам”га келиб тушган чақириқлар сони ҳам буни тасдиқлайди.
Рақамларни таҳлил қилсак, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида мамлакатимиз бўйича тез тиббий ёрдам хизматига жами 2 миллион 42 минг 481 та чақириқ келиб тушди.
Энг кўп мурожаат Фарғона (236 393 та), Андижон (216 359 та), Тошкент шаҳри (213 315 та) ҳамда Тошкент вилоятида (206 134 та) қайд этилди. Энг кам чақириқ эса Жиззах (79 449 та), Сирдарё (70 522 та) ҳамда Навоий вилояти (62 639 та) ҳиссасига тўғри келди.
2022 йилнинг ўтган икки ойи давомида энг кўп кунлик чақириқ 16 январга тўғри келиб, шу куни Республика тез тиббий ёрдам хизматига бўлган жами мурожаатлар сони 46 минг 613 тани ташкил этди. Энг кам кунлик чақириқ эса 2022 йил 17 февралда қайд этилиб, мазкур санада “103” хизмати жами 28 минг 960 та чақириқни қабул қилди.
Таққослаш учун, ўтган йилнинг январь ва февраль ойларида юртдошларимиздан тез тиббий ёрдам хизматига жами 1 миллион 764 минг 642 та чақириқ келиб тушган эди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “103” хизматини барча қулайликларга эга бўлган замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги кенг қамровли ишлар натижасида “Тез ёрдам”даги реанимобил машиналар сони бугунги кунга келиб, 442 тага етди. Бу, ўз навбатида, тизимнинг оперативлиги, натижадорлиги ҳамда тиббий хизмат сифатининг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.