Бундан 74 йил аввал — 1948 йилнинг 7 апрель куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига асос солинган. Бу инсон саломатлиги билан боғлиқ барча масалаларни халқаро даражада ҳал қилиш йўлида қўйилган муҳим қадам эди.
Шу сабабли ҳар йили мазкур сана Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида кенг нишонланади.
Ҳозир ЖССТга 194 та давлат аъзо. Ўзбекистон ҳам 1992 йил 25 майдан мазкур мамлакатлар сафида. 1993 йилдан ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолият олиб бормоқда.
Саломатлик кунини нишонлашдан кўзланган асосий мақсад аҳолига соғлик улуғ неъмат эканлигини англатишдан иборат. Шу боис бу сана глобал муаммоларга бағишланган турли шиорлар остида нишонланади.
Масалан, ўтган йили коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга доир “Адолатли, соғлом дунёни қуриш” шиори танланган эди.
Бу гал масъуллар дунё ҳамжамияти эътиборини ҳануз ортга чекинмаётган пандемия, глобал экологик инқироз, саратон, астма ва юрак касалликлари авж олиши асносида энг зарур бўлган шошилинч чораларга қаратишга қарор қилди. Шу тариқа ЖССТ 2022 йилни “Сайёрамиз, бизнинг соғлиғимиз”, дея номлади.
Бу бежиз эмас, албатта. Маълумотларга кўра, олдини олиш мумкин бўлган экологик муаммолар туфайли ҳар йили ер юзида тахминан 13 миллион киши нобуд бўлади.
Ер куррасининг 99 фоиз аҳолиси носоғлом ҳаводан нафас олмоқда. Глобал исиш оқибатида инфекцион касалликлар тезроқ ва кўпроқ тарқаляпти. Қолаверса, табиат ҳодисалари, ер деградацияси ва сув танқислиги инсонларнинг мажбурий кўчирилишига, соғлиги ёмонлашишига олиб келаётгани ҳам сир эмас.
Бундан ташқари, нотўғри овқатланиш ва камҳаракатлик оммавий семириш, шунингдек, саратон ва юрак-қон томир касалликларини кўпайишига туртки бўлаётир.
Шу маънода, Бутунжаҳон саломатлик куни дунё мамлакатларига соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиш имконини беради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


