Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази — аҳолига узлуксиз тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган муассаса. Бу ерга кунига юзлаб оғир аҳволдаги беморлар олиб келинади.
Автоҳалокатга учраган, жиддий жароҳатлар олган, инфаркт, инсультга чалинган, хуллас, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож юртдошларимиз ҳаётини сақлаб қолиш учун шифокорлар куну тун барча имкониятларни ишга солади.
— Ҳозир муассасамиз фаолияти инновацион ечимлар асосида такомиллаштирилмоқда, — дейди марказ директори Дониёр Алимов. — Соҳага илғор диагностика ва даволаш усуллари кенг татбиқ этиляпти. Шундай изланишлар натижасида жорий йил қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказдик.
Хусусан, Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги нуфузли AIG клиникаси билан имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, жигар трансплантацияси дастури давом эттирилиб, 3-7 март кунлари муассасада иккита жигар трансплантацияси қўшма операцияси муваффақиятли бажарилди.
Оққўрғонлик Шодиёр Мусурмонов бир неча йилдан буён жигар циррозидан азият чекиб келаётган эди. Трансплантация амалиёти ўтказиш ўзимизда йўлга қўйила бошлагани унинг жонига оро кирди.
Беморга акасининг ўғли Муҳиддин Ғаниев донорлик қилди. Ҳозир ҳар иккисининг соғлиги шифокорлар назорати остида тикланмоқда.
Умуман, шу йилнинг илк чорагида марказда 4 000 дан зиёд жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Эътиборлиси, уларнинг 60 фоизи юқори технологик операциялардир.
Айни пайтда муассасада 100 дан ортиқ замонавий ташхислаш ва даволаш усуллари қўлланилмоқда. Нейроваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, рентгенэндоваскуляр жарроҳлик каби йўналишларда илм-фан ютуқлари амалиётга кенг татбиқ этиляпти.
Жумладан, сўнгги ойларда бу ерда кўтарилувчи аортада ва бош мия қон томирларида минимал инвазив аралашувлар йўлга қўйилди.
Бунда шу йил Жаҳон банкининг “Шошилинч тиббий ёрдам хизматларини такомиллаштириш” кредит лойиҳаси доирасида марказга қатор янги юқори технологик жиҳозлар келтирилгани, қозоғистонлик ҳамкорлар билан биргаликда “CYBERA” дастури доирасида компьютер томография тасвирларини сунъий интеллект ёрдамида ифода этиш тизими жорий этилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муассаса жамоаси доимий изланишда. Улар келгусида яна қатор инновацион диагностика ва даволаш усулларини ўзлаштириб, амалиётга самарали татбиқ этишни мақсад қилган.


