Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдаги ўрни ниҳоятда муҳим. Шу сабабли юртимизда ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг жойлардаги 13 та ҳудудий филиали, 48 туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир юрак-қон томир касалликлари маркази ҳамда 133 та туман шошилинч қабул бўлимлари ҳиссаси катта.
Муҳими, марказда жорий этилаётган энг илғор диагностика ва даволаш усуллари босқичма-босқич ҳудудларда ҳам йўлга қўйилиши натижасида аҳолининг узоғи яқин бўляпти.
— Ҳудудий филиалларимизда кам инвазив жарроҳлик амалиётлари, жумладан, кардиология ва лапароскопия йўналишларида мураккаб операциялар ўзлаштирилмоқда, — дейди марказ бош директори Даврон Тўлаганов. — Мисол учун, яқинда муассасамизнинг Хоразм филиалида Санкт-Петербург илмий текшириш институтининг юрак-қон томир ва эндоваскуляр хирургия бўлими бошлиғи С.Платонов бошчилигида маҳорат дарслари ўтказилди.
Ушбу машғулотлар доирасида оғир даражадаги диабетик тўпиқ синдроми ва оёқлар критик ишемияси бўлган 7 нафар беморда илғор эндоваскуляр усулда мураккаб амалиётлар бажарилди. Якунда аъло ангиографик натижаларга эришилди. Муҳими, бу каби операциялар барча филиалларимизда ўтказиб келинмоқда.
Ўз навбатида, муолажаларнинг муваффақиятли кечишида ҳудудларда телетиббиёт имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Ҳозир бу йўналишда кўплаб етакчи хорижий шифохоналар, жумладан, Германиянинг Шарите клиникаси билан вилоят филиаллари ва туман субфилиаллари даражасида ҳамкорлик қилиб келяпмиз.
Қолаверса, тиббиётни халққа яқинлаштириш мақсадида Япониянинг JICA ташкилоти билан меморандум имзолаганмиз. Унинг доирасида жорий йил якунига қадар 4 та мобил компьютер томографли контейнер юртимизга олиб келиниб, ҳудудларга ўрнатилади. Улардан сайёр тиббий кўрикларда беморларга тезкор ва аниқ ташхис қўйишда фойдаланамиз.
Бундан ташқари, яқинда Париж шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Франция тиббиёт форуми доирасида марказимиз ушбу давлатнинг Тез ёрдам ассоциацияси, Фош клиникаси ва Шошилинч тиббий ёрдам миллий кенгаши билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди.
Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир юрак-қон томир касалликлари марказлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласи ҳам алоҳида эътиборимизда. Бугунги кунда улардан иккитасида замонавий ангиография ускунаси ўрнатилмоқда.
Қолган шундай муассасаларнинг барчаси 34 турдаги юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган. Ушбу марказлар учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими изчил амалга оширилмоқда. Масалан, шу йилнинг илк чорагида 100 дан ортиқ мутахассис ўқитилди.
Ҳозирги кунда РШТЁИМда “SAYAR LLC” компанияси томонидан тиббий ва умумий чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилмоқда. Симуляцион ўқув биносини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида таъмирлаш режалаштирилган.
Марказ ҳудудида чет эллик ҳамкорлар билан эрта реабилитация клиникаси биносини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқиляпти.
Албатта, буларнинг барчаси келгусида муассасамизда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш орқали аҳолининг тиббиётдан розилигига эришиш учун асос бўлиши, шубҳасиз.


